“Ўта ўтказувчан материаллар: муаммолар, технологиялар, тадқиқот усуллари” мавзусида ўтказилган халқаро илмий – онлайн семинар ҳақида маълумот

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Материалшунослик институти томонидан 2020 йилнинг 17 декабрь куни “Ўта ўтказувчан материаллар: муаммолар, технологиялар, тадқиқот усуллари” мавзусида халқаро илмий онлайн семинар ўтказди.

Семинарда Н.П. Огарёв номидаги Мордовия Давлат университети (Россия), Грузия Фанлар академиясининг Э. Андроникашвили номидаги Физика институти, Ўзбекистон Миллий университети, Бухоро давлат университетининг олимлари, докторантлари ва ёш мутахассислари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги мтахассислари иштирок этдилар.

Семинар ўта ўтказувчан материалларни олиш ва ишлаб чиқиш бўйича тадқиқотларнинг ҳозирги ҳолатини муҳокама этиш мақсадида ўтказилди.

Семинарда, Ўзбекистон олимлари томонидан Катта Қуёш Қурилмасида ўта ўтказувчанлик хусусиятига эга материаллар олиш, энергетика соҳасини ток узатиш учун асос бўлиб ҳисобланувчи юқори критик хоссали ўта ўтказувчан керамик материаллар билан таъминлашда қуёш технологиясининг афзалликлари ҳақидаги маърузалари тақдим этилди. Шунингдек, ўта ўтказувчанликдаги доналараро чегараларда зарядлар улуши, нано қатламли тузилмалар назарияси ва бозонлар назарияси нуқтаи назаридан назарий ёндашувлар муҳокама қилинди.

Иштирокчиларда, профессор В.Тавкелидзе (Грузия) томонидан тақдим этилган ўта ўтказувчанлик хусусиятига эга фазаларни ўрганиш учун вибрацияли индикатор усулидан фойдаланиш ғояси катта қизиқиш ўйғотди. Ушбу усул, Ўзбекистондаги Катта Қуёш Қурилмасида олинган ўта ўтказувчан материалларни ўрганиш учун қўлланилган, ҳамда юқори ҳароратли ўта ўтказувчан фазалар ҳосил бўлишини тасдиқлаган.

Профессор Н.Кузьмичев (Россия), магнит хусусиятлар ҳақида, гистерезисни ўрганиш, ўта ўтказувчан материаллар магнит хоссаларининг ҳароратга тўғри ва тескари боғлиқликларини ўрганиш борасидаги тадқиқотлар натижаларини муҳокамага тақдим этди. Маъруза, ЎзР ФА Материалшунослик институтида ушбу усулни қўллаган ҳолда тадқиқотлар ўтказиш ва қурилмалар яратиб амалийётда фойдаланиш имкониятлари мавжудлиги билан қизиқиш ўйғотди.

Иштирокчилар, Ўзбекистонда юқори ҳароратларда ўта ўтказувчан материалларни олиш соҳасида изланишлар юқори савияда олиб борилаётганлиги, мужассамланган қуёш нурланишининг материалга таъсири асосида энергия тежамкор инновацион нанотехнологиялар ишлаб чиқарилаётганини таъкидладилар.

Муҳокамалар якунида, семинар иштирокчилари Катта Қуёш Қурилмасида (Ўзбекистон) ўта ўтказувчан материалларни олиш ва шу йўналишдаги тадқиқотларни кенгайтириш бўйича ўзаро ҳамкорлик тўғрисида келишиб олдилар.